ЖОНЛИҚ СЎЙИШ ТАРТИБИ

0
165

Аллоҳ таоло бандаларига ейиш мумкин бўлган ва бўлмаган нарсаларни баён қилган. Шу билан бирга баъзи нарсаларни ейиш ҳалол бўлиши учун маълум шартларни белгилаб берган. Ушбу шартлар амалга оширилмаса мазкур махсулот ҳаром саналади ва еган киши гуноҳкор бўлиб, уқубатга дучор бўлиши мумкин. Билмаслик эса ўзр бўла олмайди. Зеро, мусулмон киши ўз ҳаётидаги барча амалиётларни шариат асосида бажариш учун ҳарис бўлиши ва бунинг учун тинмай ўрганиб, изланиши талаб қилинади.

Мана шундай ҳар бир мусулмон билиши зарур бўлган амалиёт бу гўштини Аллоҳ таоло ҳалол қилган ҳайвонларни сўйиш билан боғлиқ ҳукмлардир. Ҳайвонларни шаръий кўринишда сўйиш тартиби қўйидагича:

  • Жонлиқ сўйиладиган жойга олиб келишдан олдин пичоқлар яхшилаб ўткирлаб, тайёрлаб қўйилади. Чунки, ҳайвон ётқизилганидан сўнг пичоқларни ўткирлаш макруҳдир, бунда ҳайвонга озор етади.
  • Жонлиқ сўйиладиган жойга олиб келингач, оёқлари боғланиб, калласи қиблага қаратиб ётқизилади. Мазкур амал мустаҳаб саналади.
  • Пичоқ тортишдан олдин қассоб «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар», деб ҳайвоннинг ҳиқилдоғи ёнидан, кўкрак томонидан бўйинига пичоқ тортади. Пичоқ тортишда тўрт нарса – қизилўнгач, икки қон томири ва кекирдак кесилиши керак. Ҳайвоннинг жони батамом чиқиб бўлгунича умуртқа томирига пичоқ теккизилмайди, териси шилинмайди, калла батамом узилмайди. Жонлиқнинг томомила жони ўзилгач калласи олиниб, терисини шилиш мумкин.

Бундан ташқари ҳайвонни сўйишга ётқизишдан олдин бошига оғир ёки ўткир нарса билан уриб йиқитиш ёки электр токи ёрдамида чалажон қилиб сўйиш шаръан мумкин эмас. Мазкур ҳолатларда сўйилган ҳайвоннинг гўштини еб бўлмайди.

Шу билан бирга сўйилган ҳайвоннинг саккиз аъзосини еб бўлмайди. Улар: безлари, эркаклик аъзоси, урғочилик аъзоси, орқа йўлининг охири, мояклари, сўйилганида томирдан отилиб чиққан қони, ўт пуфаги, сийдик пуфагидир.

Мана шу тартибда сўйиш ва тозалаш шариатга мувофиқ ҳисобланади. Бунда ҳам ўзимизнинг дунё – охиратимизга манфаат бор, ҳам жонлиққа озор бермаслик инобатга олинган.

401-гуруҳ талабаси
Маҳаммадумаров Сирожиддин

 

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг