Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида БРИФИНГ

0
68

(2019 йил 5 июнь, соат 12:00 ҳолати)
Ассалому алайкум, ҳурматли Брифинг иштирокчилари!

Қадрли журналистлар!

Эътироф этиш керак-ки, сўнгги икки-уч йил ичида Ўзбекистон тарихида янги саҳифалар очилди. Қувонарлиси, ушбу саҳифалар зарҳал ҳарфлар билан қайд этишга арзигулик ислоҳотлар, янгиликлар, хушхабарлар билан тўлмоқда. Ана шу ижобий ўзгаришлар ҳақидаги хабарлар жаҳоннинг олий минбарлари, нуфузли теле ва радиоканаллари орқали баралла янграмоқда. Халқаро нашрларда юртимиздаги ўзгаришлар ҳақида мақола ва янгиликлар чоп этилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан халқ мафаати йўлида барча соҳаларда илгари сурилаётган эзгу ташаббуслар, амалий саъй-ҳаракатлар, нафақат юртдошларимиз, қолаверса халқаро ҳамжамиятнинг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда.

Айниқса, миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, аждодларимизга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг бой илмий меъросларини ўрганиш ва ёшларга етказиш бўйича олиб борилаётган эзгу ишлар юртдошларимизни бирдек мамнун қилмоқда.

Буни, эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-мурувват рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, ушбу ойда ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида чиқарилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 майдаги Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 майдаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори ҳамда             жорий йилнинг 4 июнь куни муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Рамазон ҳайити табриги мисолида яққол кўриш мумкин. Айниқса, ушбу байрам табригида: “Гўзал диёримизда муборак Рамазон шукуҳи кезиб юрган шу кунларда байрам кайфияти барча шаҳар ва қишлоқларимизга кириб бориши, бу айёмни янада мазмунли ўтказиш учун шароит яратиш мақсадида 5-6 июнь мамлакатимизда дам олиш кунлари деб эълон қилинди”, деб таъкидланиши юртдошларимизга бўлган юксак эътиборнинг ифодасидир.

Мазкур Қарорларда белгиланган вазифа ва топшириқлар асосида, Рамазон ойини муносиб ўтказиш бўйича Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда турли мутасадди ташкилотлар томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида, бу йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтказилди.

Ҳурматли брифинг иштирокчилари!

Энди эса, Ҳайит намози бўйича қўйидаги маълумотларга эътиборингизни қаратмоқчимиз!

Бугун, Рамазон ҳайитининг биринчи куни, 5 июнь соат тонгги 05:00 дан то 05:50 дақиқагача бўлган вақт оралиғида Республикамиз минтақалари кесимида Ийд ал-Фитр – Рамазон ҳайити намози адо этилди.

Республикада фаолият кўрсатаётган 2057 та масжиддан 1983 тасида 2 миллион 200 мингдан зиёд фуқароларимиз ҳайит намозини ўқидилар. Жумладан,

Андижон вилоятида 172 та, Наманган вилоятида 183 та, Фарғона вилоятида 188 та, Сирдарё вилоятида 69 та, Тошкент вилоятида 221 та, Тошкент шаҳрида 102 та, Жиззах вилоятида 168 та, Сурхондарё вилоятида 108 та, Самарқанд вилоятида 272 та, Бухоро вилоятида 103 та, Навоий вилоятида 69 та, Қашқадарё вилоятида 181 та, Хоразм вилоятида 97 та ва Қорақалпоғистон Республикасида 50 та масжидда адо этилди.

Тошкент шаҳрида 102 та масжидда 479 минг нафардан зиёд ҳамюртларимиз Ҳайит намозида иштирок этдилар. Хусусан, Ҳазрати Имом мажмуасида 17 мингдан зиёд, “Минор” масжидида 15 мингдан зиёд фуқароларимиз жам бўлдилар.

Намозларда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, мустақиллик туфайли исломий қадриятларнинг тикланиши ва ривожланиши, диний эътиқод эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва эзгулик ишларига Муҳтарам Юртбошимиз томонидан берилаётган юксак эътиборга шукроналик билдирдилар ва дуолар қилдилар.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 16 минг 932 нафар ички ишлар ходимлари байрам ўтадиган объектларга жалб этилди. Ички ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ҳайит намозини жойларда тартибли, тинч-осойишта ўтиши таъминланди.

Муборак Рамазон ойи давомида ҳамда Ҳайит байрами муносабати билан:

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига 9 миллиард сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилди. Жойларда:

65 мингдан зиёд ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга 7 миллиард 507 миллион сўмлик;

7679 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, нуроний кексаларга 787 миллион сўмлик;

68 та «Меҳрибонлик», «Мурувват» ва «Саҳоват» уйларига 599 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Халқимиз эҳтиёжи учун 118 млн. сўмлик диний-маърифий мазмундаги китоблар етказилди ва бу ишлар давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан
3 миллиард 8 миллион сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди.

Юртимиздаги 632 та муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, 935 та тарихий обидалар ҳамда 9348 та қабристонларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Халқимиз, айниқса оқсоқоллар, нуроний онахонлар ва ёшларимиз жаннатмакон юртда яшаётганидан, унда тинчлик, тартиб-интизом, барака ҳамда Давлат раҳбаримиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли хайрли ишлардан ғурурланиб, хурсандчилик кўз ёшлари билан дуолар қилмоқдалар.

Рамазон ҳайити муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар ҳамда диний соҳа вакиллари, имом-хатиблар иштирокида ташкил этилган 500 дан ортиқ чиқишлар марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари, Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб борилмоқда.

Шу ўринда, Муҳтарам Президентимизнинг шахсий ташаббуслари билан қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган Тошкент шаҳрида Сузук ота ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги, Термиз шаҳрида ат-Термизий номидаги замонавий услубда бунёд этилган жоме масжидлари, Наманган шаҳрида Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юртининг замонавий ўқув биноси, спорт мажмуаси ва Анжуманлар заллари Рамазон ойи давомида халқимизга туҳфа сифатида фойдаланишга топширилди. Бу эса юртимизда жуда катта мамнуният билан кутиб олинди.

Яна бир маълумот, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан ташкил этилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига шу бугун, Ҳайит байрами куни дастлабки маълумотларга кўра, 9 млрд. 371 млн. 682 минг 657 сўм маблағ келиб тушди (улардан 6 млрд. 332 млн. сўми хайрия ва 3 млрд.  39 млн. сўми Закот ва Фитр маблағларидир). Мазкур маблағларнинг тасарруфи шаффофлик асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Шу ўринда, Рамазон ҳайити арафасида амалга оширилган муҳим бир эзгу ташаббусга эътиборингизни қаратмоқчимиз:

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос эзгулик ва меҳр-оқибат, кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро афв этилди.

Уларнинг 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниб, ота-онаси, фарзандлари ва яқинлари бағрига қайтарилди, шунингдек, 214 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш жазо муддатлари қисқартирилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, куни кеча Президентимизнинг топшириғига биноан, 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилди. Мазкур инсонпарварлик ҳаракатлари давлатимизнинг ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқаролар учун ғамхўрлигининг ёрқин мисолидир.

Умуман олганда, жиноятга қўл урган, боши деворга теккандан сўнг адашганлигини тушуниб етиб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб ва тузалиш йўлига ўтган одамларни афв этиш, уларни кечириш, жамият учун фойдаси тегадиган инсон бўлиши учун имконият бериш – муқаддас динимиз таълимотларида ҳам таъкидланади.

 

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг