Aгар зулм биздан бўлса, мен бизлардан эмасман!

0
87
OLYMPUS DIGITAL CAMERA

Рейчел Керри!
Уни ўлдиришганида 23 ёшда эди. 16 йил аввал…
16 йил аввал худди бугунгидек Ғазонинг гўдаклари ўлдириларкан, Рейчел дунёнинг у чеккасидан – Вашингтондан Ғазо халқининг ёнида бўлмоқ учун йўлга чиқди. Фаластинликлар билан унинг на тили айни эди, на дини. Аммо ҳақсизлик қаршисига чиққан инсон учун буларнинг аҳамияти йўқ. Олов қалбли америкалик қиз ҳақсизликлардан изтироб чекаётган, бошига балолар ёғилаётган ғазоликлар билан етти ҳафта яшади. Уларнинг бошига тушаётган мусибатларни ўз кўзлари билан кўрди. Бирга азоб тортди, бирга йиғлади… Онасига юборган сўнгги мактубида шундай ёзган эди:
«Тан оламан, онажон, яна дугоналарим билан илгаригидек ҳазиллашиб, кулишиб, хиёбонларда яйраб юришни истайман. Рақс кечаларига боришни хоҳлайман. Кечқурунлари қорним тўқ, юмшоқ ўринларда хотиржам ухлашни истайман. Лекин қилган ишимдан асло пушаймон эмасман. Мен ҳозир бўлишим керак бўлган жойда ҳозирман. Мен бу ҳақсизликларга чек қўйилиши учун қўлимдан келган ишни қилишим керак… Балки қўлимдан ҳеч нарса келмас, лекин ҳарқалай виждоним олдида юзим ёруғ бўлади.
Онажон, мен бу ерда кўрган даҳшатларимни айтсам, ҳаётингизнинг қолган қисмини тинч яшаб ўтолмайсиз. Кўзларимга ишонолмаяпман, даҳшатдан кечалари ухлолмаяпман. Дунёмизнинг асл юзи мана шундай эканини ва бу ҳақсизликларга, бу зулмга индамай қараб турган ёки кўриб-кўрмаганга, билиб-билмаганга олаётган миллиардлаб одамлар борлигини ўйласам, юрагимдаги нафрат, исён бўғзимга тошиб кела бошлайди. Бу зулмни тўхтатолсам қани эди! Она, мени қайтишга мажбурламанг. Фаластиндан қайтганим билан энди аввалги Рейчел бўлолмайман…
Қорнини снаряд парчаси ёриб юборган, оғзидан ҳозиргина эмган оппоқ сути аралаш қип-қизил қон келиб, кўзчалари косасидан чиқиб кетган бир ёшли гўдагини қучоқлаб додлаётган онани кўрган Рейчел… Икки гўдагининг мажақланган жасадини кўриб, ақл-ҳушидан айрилган, бир онда телба бўлиб қолган тенгдошини кўрган Рейчел… Ўттиз ёшида сочлари изтиробдан оппоқ оқариб кетган йигитларни кўрган Рейчел… «Художон, мени жаннатга олиб кет. Бу ерда жуда қўрқяпман. Укамни олиб кетдинг-ку! Жаннатга олиб кетсанг, ҳечам тўполон қилмайман, яхши қиз бўлиб юраман», дея қўлчаларини дуога очиб ўтирган митти қизчанинг азобларини кўрган Рейчел… қандай хотиржам яшай олади?!
Бу ерга келганим – ҳаётимдаги энг тўғри қарорим бўлди. Онажон, агар зулм биздан бўлса, мен бизлардан эмасман! Менинг сўнгги сўзим шу! Мен бизлардан эмасман!..».

Таржимон: 3-курс талабаси
Нодира Эркинжон

 

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг