Болаларнинг бошқалар билан муносабатига ота-онанинг аралашуви

0
50

Биз оналар болаларимизни ҳаммадан ҳимоя қилгимиз, бизнинг кўз қорачиғимизни хафа қилган бошқа боланими ёки баъзида ўқитувчиними таъзирини бериб қўйгимиз келади. Афсуски, бу аралашувимиз фарзандимизни жамиятдаги ўрнига, муаммоларни ўзи ҳал қилишига таъсир қилади.

Мисол тариқасида бир воқеа айтиб бермоқчиман. 2-синф ўғлим мактабда иштонини ҳўллаб қўйибди. Табиийки, ўзини шарманда бўлган ҳис қилиб, жуда тушкун ҳолатда уйга кирди. Кириши биланоқ жуда қаттиқ йиғлаб юборди, ғурурли ўғлим бу уятга чидай олмаётган эди, унинг устига айбдор ҳам ўқитувчи экан. У дарс вақтида ҳожатга чиқишига рухсат бермаган ва бола танаффусгача сабр қилолмаган. Ҳар қандай онадек жуда ҳам жаҳлим чиқди, ўқитувчисини таъзирини бериб, мактабдан ҳайдатгим келарди. Лекин ўзимни босиб, ўқитувчисига қўнғироқ қилдим. Унинг жуда афсусда эканлигини, ўзини айбдор ҳис қилаётганини кўриб ҳеч нарса дея олмадим. Қаттиқ гапирганимдан фойда ҳам йўқ эди, унга кейинроқ алоқасига чиқишимни айтиб, гўшакни қўйдим.

Ўтган ишни ўзгартира олмас эдим, лекин боламни ўзига ишончи ортиши учун нимадир қилишим керак эди. Мактабга бора олмаганим учун синфдошлари фикрига умуман таъсир қилолмасдим, унинг устига ўқитувчи билан муносабатим ёмонлашиши, уни фарзандимга муносабатини ёмонлаштирар эди. Шунинг учун ўқитувчи ёрдамидан фойдаланишга қарор қилдим. Ўқув йилининг охири бўлгани бизга қўл келди. Ўқитувчи фарзандим билан алоҳида хонада гаплашиб, айб ундан ўтганини айтди ва кейинги дарслар давомида ҳар бир ютуғини мақтаб, таъкидлаб турди. Алҳамдулиллаҳ, тез кунларда бўлган воқеа унутилди. Ўқитувчи мақтагани учун бошқа болалар ўғлимни яна ҳурмат қила бошлади. Фарзандимнинг ўзи эса, айб унда эмаслигини билиб, ўзини нокис ҳис қилмай қолди.

Демак, фарзандимиз кўчада ёки мактабда одамлар билан муаммога учраса, баъзи нарсаларга эътибор бериб, шошилмасдан қарор чиқаришимиз керак экан.

1. Бу муаммога бизнинг аралашувимиз шартми? Баъзи ҳолларда болалар уришиб ярашиб ўйнайверади, аралашган ота-оналар эса душман бўлиб қолишади. Бошқа болалар билан урушиш-ярашиш табиий ҳол, болаларимиз шу билан жамиятда ўз ўрнини топади ва ўзини тутишни ўрганади.

2. Воқеани яхшилаб суриштириб, айбдор фарзандимиз бўлса, уни тан олишга ўргатишимиз керак. Меҳрингиз сабабли уни ҳимоя қилаверсангиз адолатли фарзанд тарбия қила олмай қоласиз.

3. Воқеадан фарзандимиз қандай азият чекди. Энди буни тўғрилаш учун нима қилишимиз кераклигини ўйлаб ҳаракат қилишимиз керак. Яъни ҳар бир ҳаракатимиз мақсадимизга йўналтирилган бўлсин. Юқоридаги воқеа каби баъзида айбдорларни жазоламасдан, улар ёрдамида муаммони ҳал қилишимиз ҳам мумкин.

4. Фарзандингиз ҳислари, муаммоларига бефарқ бўлманг. Бошқалар билан муаммоларига тўғридан тўғри аралашмасангиз ҳам, маслаҳатларингиз билан, ҳеч бўлмаса, меҳрингиз ва ишончингиз билан далда бўлишингиз мумкин.

Унутманг, фарзандингиз кундан-кун улғайиб, ўз муаммоларини ҳал қилишга, жамиятнинг бошқа аъзолари билан муомала қилишга ўрганмоқда. Сиз эса доим унинг олдида бўлиб, ҳамма муаммоларини ҳал қилиб бера олмайсиз.

Манбаа: http://muslima ona kundaligi

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг